ЎРҚ-1160-сон Қонун маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлайди. Ҳужжат давлат органларининг ваколатларини чегаралайди, маданий бойликлар муомаласи ва реализацияси учун янги тартибларни жорий этади, шунингдек, археологик объектларни тадқиқ қилиш қоидаларини мустаҳкамлайди.
23.07.2026 йилдаги ЎРҚ-1160-сон Қонун билан маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга, ушбу соҳадаги ваколатларни белгилашга ва ҳуқуқий ҳужжатларнинг мувофиқлигини таъминлашга қаратилган.
Қонун билан давлат бошқаруви органларининг маданий мерос соҳасидаги ваколатлари аниқ чегаралаб қўйилган. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Маданий мерос агентлигининг, номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Маданият вазирлигининг ваколатига киритилиши назарда тутилмоқда.
Хусусан, Агентликка моддий маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, давлат кадастрини юритиш, тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда.
Қонун билан маданий бойликлар муомаласи, шу жумладан уларни аукционлар орқали сотиш тартиби такомиллаштирилиб, ушбу жараёнларни ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, археология ёдгорликларини фақат тегишли рухсатнома мавжуд бўлгандагина тадқиқ этиш, маданий мерос объектларининг ҳолатини мунтазам назорат қилиш ва ҳар беш йилда бир марта кўздан кечириш тартиби белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, "Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида"ги қонун ва бошқа ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова