Давлат органларининг ноқонуний ҳаракатларидан жабрланган фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашнинг ягона қоидаларини белгиловчи қонун қабул қилинди. Ҳужжатда ҳудудий компенсация жамғармаларини ташкил этиш назарда тутилган ҳамда компенсацияларни тўлаш ва ундириш механизмлари белгиланган.
Президент томонидан фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш тартибини тизимли тартибга солишга қаратилган 27.07.2026 йилдаги "Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида"ги ЎРҚ-1161-сон Қонун имзоланди.
Қонунда "зарарни қоплаш", "маънавий зарар", "моддий зарар", "ундирувчи", "ҳудудий компенсация жамғармаси" каби асосий тушунчалар мустаҳкамланган.
Ҳужжат, шунингдек, қонунийлик, инсон ҳуқуқлари устуворлиги, шаффофлик ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик тамойилларини жорий этади.
Тўловлар тўғрисида қарор қабул қиладиган ҳудудий компенсация жамғармалари ва кузатув кенгашларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Компенсация миқдори суд томонидан белгиланади ва пул шаклида тўланади.
Агар суд муайян айбдор шахсни аниқласа, у етказилган моддий ва (ёки) маънавий зарарни тўлаши шарт. Айбдор буни белгиланган тартибда ихтиёрий равишда амалга ошириши мумкин.
Агар компенсация ҳудудий компенсация жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланган бўлса, сўнгра айбдор шахсга нисбатан регресс талаб қилиш ҳуқуқи юзага келса, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс ишлаётган ёки илгари ишлаган давлат органига тегишли даъвони юборади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.01.2027 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова