Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2026 йилдаги 586-сон қарори билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қатор туманларидаги иссиқхона хўжаликлари учун махсус экологик тартиб жорий этилди. Қаттиқ ёқилғидан фойдаланадиган иссиқхоналар 2026 йил 1 декабрга қадар муқобил иситиш турларига ўтишлари ёки белгиланган экологик талабларга риоя этилишини таъминлашлари шарт.
Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2026 йилдаги 586-сон қарори билан Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда иссиқхона хўжаликларининг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжат Тошкент шаҳри агломерациясида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, иссиқхона хўжаликларининг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш, замонавий, энергия тежамкор ва паст ташламали иситиш технологияларига ўтиш, экологик назоратнинг рақамли механизмларини жорий этиш ҳамда экологик модернизацияни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманлари иссиқхона хўжаликлари фаолияти учун махсус экологик тартиб жорий этиладиган ҳудуд этиб белгиланади.
Ҳужжат билан Махсус ҳудудда жойлашган иссиқхоналарга белгиланадиган экологик талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Махсус ҳудудда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосалари асосида иситиш тизимига эга бўлган иссиқхона хўжаликлари фақатгина табиий газ, шу жумладан суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал энергия, қуёш энергияси ҳамда иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда фаолият юритиши керак.
Қаттиқ ёқилғида (кўмир, брикет ва биомасса пеллети) фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликлари 2026 йил 1 декабрга қадар иссиқхонани иситиш турини юқорида кўрсатилган иситиш турларига ўзгартиришлари шарт.
Қаттиқ ёқилғидан фақат қуйидаги барча талаблар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда фойдаланишга рухсат берилади: қозон қурилмаларини ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш тизими, шунингдек белгиланган самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш.
Шунингдек, миллий стандартга мувофиқ қозон қурилмаларидан атмосферага ташламалар ҳажмини ўлчайдиган узлуксиз автоматик мониторинг тизими (CEMS) ўрнатилиши, уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиш ва маълумотларни реал вақт режимида узлуксиз узатиб бориш таъминланиши лозим.
Бундан ташқари, қозон қурилмалари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва автоматик мониторинг тизимлари учун мувофиқлик сертификатини олиш, қозон қурилмалари ва тутун чиқариш мўрисидаги жараёнларни узлуксиз кузатиш имконини берувчи онлайн камераларни ўрнатиш зарур.
Махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларини экологик модернизация қилишни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги чоралар жорий этилади:
• 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежамкор экранлар, энергия самарадор технологиялар, шунингдек электр энергияси, геотермал энергия, қуёш энергияси ва когенерация асосидаги иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ иссиқхона хўжаликларининг ҳар бир гектари учун 50 млн сўмдан ошмаган қисми Давлат бюджети ҳисобидан субсидияланади;
• автоматик мониторинг станцияларини (CEMS) харид қилишда, ҳар бир станция учун 350 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдордаги маблағлар 7 йил муддатга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан уч томонлама шартнома асосида тақдим этилади, бунда CEMSни ўрнатиш, уларни қўмитанинг ахборот тизимига интеграция қилиш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мажбурияти юкланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 23.10.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова